Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари 1939 йили Суриянинг Ҳалаб шаҳрида туғилган. Илм талабини 12 ёшида бошлаб, ўз даврининг йирик уламолари бўлмиш шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ва шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда каби устозлардан илм олган. Таҳсилдан сўнг ҳам устозлари билан доимий алоқада бўлиб, шайх Абдуллоҳ Сирожиддин билан 50 йил, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда билан 45 йил вафотларига қадар илмий мулоқотда бўлган. Шайх Муҳаммад Аввома 1980 йили Мадинаи Мунавварадаги ислом университети қошида илмий-тадқиқот марказига, 1986 йилда эса ислом меросини таҳқиқ қилиш марказига асос солган. Шайх Муҳаммад Аввоманинг кўплаб китоблари, рисола ва таҳқиқ ишлари чоп этилган. Жумладан, Имом Ибн Абу Шайбанинг йигирма олти жилдлик «Мусаннаф», Имом Абу Довуднинг олти жилдлик «Сунан», Имом Заҳабийнинг олти жилдлик «Кошиф» китобларини таҳқиқ қилган. Шайхнинг «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» китоби дунёнинг бир қанча тилларига таржима қилиниб, кўплаб таълим муассасаларида дарслик сифатида жорий этилган. Бу китоб шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Шайх Аввоманинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Малайзия, Туркия, Урдун, Судан каби мамлакатларда қатор илмий ишлар олиб борилмоқда, рисолалар ёзилмоқда. Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари ҳозирда Туркиянинг Истанбул шаҳрида истиқомат қилиб, Ибн Халдун университети ва Сулаймония ҳадис марказида, шогирдлар даврасида илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиб келмоқда.